Олимлар араб хати «таълиқ»нинг пайдо бўлишини XIII асрга тааллуқли деб билади. Котиблар илк бор ундан давлат ва диний маъмурият идораларида фойдалана бошлаган.
Таълиқ хати таржимада «осма» деган маънони билдирувчи номини бамисоли муаллақ тургандек кўринувчи юмалоқ шаклдаги ҳарфлари туфайли олган. Бошқа бир версияга кўра, у «тавқеъ» ва «риқо» хатлари орасида осилиб тургандек жойлашгани учун шундай номланган.
Таълиқ хатини ўқиш алоҳида маҳоратни талаб қилади. Жуда мураккаб бу хат тури тез ёзув усули сифатида ҳам қўлланган, лекин кўпинча белгиланган шакл ва ўлчамларидан четга чиққан. Сақланиб қолган матнлардан кўринадики, ҳарфлар бир-бирини топган, бирлашган, лекин нуқталар ҳамда ҳарф усти ва ости белгилари тегишли жойга қўйилмаган. Бундай ёзув шошма-шошарлик натижаси бўлмаган ва тўлиқ амалий мақсад – расмий ҳужжатларни ўчириш ва ўзгартиришнинг олдини олишни кўзлаган.
«Таълиқ» хатида сатр охири қайрилади ва юқорига кўтарилади, ҳарфлар эса узун гажак билан тугалланади. Хаттотлик ёзувлари яратиш учун «таълиқ»дан фойдаланишнинг бир нечта нодир мисоллари бор. Улар қўлёзмалар ва хаттотлик ҳамда миниатюра намуналарини ўз ичига олган альбомларда учрайди. Таълиқ китоб ёзиш учун ишлатилса, сатрлар тўғрилигича қолган.
Бугунги кунда хаттотлар деворнинг бир қисмини эгаллайдиган йирик расм – паннолар ва айниқса, катта ўлчамдаги ёзувларни ёзишда таълиқ хатига мурожаат қилади.
Ёзувлар, уларнинг тарихи ва фарқлари ҳақида батафсил маълумотларни «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги XXV жилд – «Миниатюра ва хаттотлик» китобида ўқишингиз мумкин.
«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг бош ҳомийси – «Eriell Group» нефть сервис компанияси