“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида Буюк Британия, Франция ва Россия кутубхоналарида сақланаётган Алишер Навоийнинг ҳаётлигида ёзилган қўлёзмалари факсимил нусхаларини рақамлаштириш ва нашр этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Кастилия қироли элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Темур саройи томон элчихона”, «Зафарнома» қўлёзмаси, Катта Лангар Қуръони, Ҳусайн Бойқаро Девони, "Темур тузуклари" иншоси, ибн Сино (Авиценна) китобларини рақамли форматга ўтказиш ва нашр этиш режалаштирилган. Турли тилларда ёзилган бу асарлар ҳозирда Буюк Британия, Россия, Испания ва бошқа мамлакатлар кутубхоналарида сақланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили лойиҳа доирасида Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти фондидан ўрта асрларга оид Катта Лангар Қуръони, Ҳусайн Бойқаро Девони, Темур тузуклари, Равзат-ус-Сафо (“Поклик боғи”), «Меърожнома» каби қўлёзмаларнинг бешта ноёб факсимил нашри чоп этилиб, давлат ташкилотларига совға қилинган эди.