Ушбу суратда (1-расм) Бухоро амирининг “Қуйи ҳовли” саройи акс этган. Сурат муаллифининг тавсифи илова қилинган:
“Қуйи ҳовли” Регистондан бир оз ғарбда жойлашган. У жуда катта, икки қаватли қилиб қурилган, катта ҳовлиси ҳам бор. Унинг атрофида кўплаб қўшалоқ эшиклар ва ўйилган панжарали, ойнасиз деразаларга олиб борадиган майдончалар мавжуд. Биноларнинг олд жабҳалари бўялган ганч билан безатилган бўлиб, унда гипс панжарали деразалар ўрнатилган. Ичкарида, аксарият хоналарда шифт текис, деворларда ўткир бўшлиқлар бўлиб, улар баландлиги бўйича оддий Европа деразасини эслатади. Ичкаридаги расм ва ганчлар бошқа саройлардагига қараганда анча содда, лекин умуман олганда бу сарой чиройли ва яхши услубда безатилган”.
Бухоронинг кўплаб меъморий обидалари сингари бу саройнинг кейинги тақдири ҳам жуда ачинарли. Бухоро босқинида (1920) сарой бутунлай вайрон бўлган. Расмлар эса уларнинг қачонлардир мавжуд бўлганлиги ҳақидаги ягона далилдир.
Бу ерда (2-расм) етти ёшдан катта ўғил болалар мактабда қандай ўқиганлиги кўрсатилган. Болалар Ҳофиз ва Навоий шеърияти, Қуръони карим, Амир Темур тарихини ўрганишган. Пайшанба кунлари мактаб ўқувчилари ўқитувчига ширинликлар олиб келишган.
Ушбу фотосуратда (3-расм) биз Амударё бўйлаб экспедиция бошланганини кўрамиз. Фотосуратчи айниқса, дарё қирғоқларидаги ям-яшил боғларни, Афғонистон билан ҳамкорликда гуллаб-яшнаётган дарё савдосига алоҳида эътибор қаратган.
Бу ерда Фарғона водийсидаги мол бозорда сотилаётган қўйлар суратга муҳрланган.
Ушбу ноёб фотосуратлар ажойиб инсон - даниялик саёҳатчи ва тадқиқотчи Оле Олуфсенга тегишлидир. У Марказий Осиёда ишлаган биринчи фотосуратчилардан бири бўлди ва унинг тўплаган маълумотлари жуда қимматлидир. Олуфсеннинг саёҳати 6 йил давом этди ва шу вақт ичида у 12000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, Ўрта Осиёни ўрганди.
1911 йилда нашр этилган “Ўрта Осиёни ўрганиш” китобида Олуфсен минтақадаги саргузаштлари ва кўрган-кечирганлари ҳақида гапириб берди. Оле Олуфсен Бухорони “минг масжид шаҳри”, Қўқонни “савдонинг юраги”, Самарқанддаги Амир Темур мақбарасини – “маҳобатли мақбара”, деб атади.
Даниялик сайёҳнинг Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳақидаги кундаликлари ва китобларидан иқтибослар келтирамиз:
- Бухоро авваллари Марказий Осиёнинг энг муҳим дин ва маданият марказларидан бири бўлган бўлса, бугунги кунда ҳам у ўзининг гўзаллиги ва улуғворлиги билан ҳайратда қолдирмоқда. - Қўқон ўзининг кўп сонли масжид, мадраса ва карвонсаройлари билан машҳур бўлиб, минтақадаги энг муҳим савдо ва маданият марказларидан биридир. - Самарқанд кўплаб буюк империя ва цивилизациялар маркази бўлиб, унинг меъморчилиги ва тарихида халқнинг бой маданияти ва анъаналари ўз ифодасини топган. - Хива Ўрта Осиёнинг энг қудратли марказларидан бири бўлиб, унинг қўрғонлари ва деворлари ҳозир ҳам бу шаҳарнинг буюклиги ва қудратидан эсдалик сифатида хизмат қилади.
Аммо Олуфсеннинг энг қимматли мероси, албатта, унинг фотосуратларидир. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти Оле Олуфсен номи билан боғлиқ Ўзбекистон экспонатлари ҳақида сўз юритиш таклифи билан Дания Миллий музейига мурожаат қилди ва мазкур ташкилот директори Рейн Уиллерславдан жавоб хати олди. У Бутунжаҳон жамияти жамоаси ва музей ходимлари билан расмли альбом-китобни нашр этишга қизиқиш билдирди.
"Бундай ҳамкорлик бизнинг коллекцияларимиз сақланаётган мамлакатлар билан маданий алоқаларни мустаҳкамлаш каби мақсадимизга бевосита мос келади. Миллий музейининг замонавий тарих ва жаҳон маданияти бўлими сизга китобни тайёрлашда кўмак бераётганидан жуда мамнун. Ушбу ноёб материалларнинг нашр этилиши катта муваффақият олиб келишини ва институтларимиз ўртасидаги келажакдаги ҳамкорлик учун асос бўлишини чин дилдан тилайман”, — деди Рейн Уиллерслав.
Тез орада нашр устида иш бошланади. Китобдан Оле Олуфсен томонидан Марказий Осиё экспедициясидан олиб келган ноёб экспонатлар, унинг фотосуратлари ўрин олади. Тўпламнинг матн қисмини “Марказий Осиёни ўрганиш I+II ” китоби муаллифи, фахрий профессор Эстер Фил тайёрлайди.