Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VI Конгресси доирасида, Малайзиянинг Куала–Лумпур шаҳридаги Ислом санъати музейи ал-Бухорий фондининг бебаҳо ўзбек коллекциясига бағишланган китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтади.
Булар: ўрта асрлардаги Бухоро ва Самарқанднинг манускриптлари, Бухоронинг тилла заргарлик буюмлари, ўзбек хонликлари аҳолисининг машҳур абр матолари ва кийим-кечаклари намуналари, шунингдек, мусулмонлар ренессанси (IX–XII асрлар) Самарқанд (Афросиёб) ва Бухоро хонлиги (XVIII аср) даврида яратилган кулолчилик буюмларидир.
Альбомда ушбу тўпламнинг энг ёрқин қисми – Ўзбекистон шаҳарларида яратилган Қуръонлар ва қўлёзмалар, кулолчилик буюмлари, қурол-яроғлар, қимматбаҳо буюмлар ва тақинчоқлар, нумизматика тақдим этилади. Альбомда тақдим этилган энг нодир артефакт VII–VIII асрларга оид сўғдиёна шойи чопондир.
Альбомда, шунингдек XII–XIII аср бошларига тегишли энг қадимий қўлёзмалардан бири- Ал-Журжонийнинг “Ад-Захира ал-Хоразмшоҳия” ёки “Хоразм шоҳи хазиналари” асари ҳам тақдим этилади. Қўлёзма хоразмшоҳлар пойтахти Хивада яратилган бўлиб, бу сулола тарихига бағишланган.
Ўзбекистондан топилган осори-атиқалар тўплами илк бор, бир нашрда кенг оммага тақдим этилмоқда.
Малайзия Ислом санъати музейи Куала-Лумпурдаги энг йирик музейлардан биридир. У 1998-йилда ташкил этилган бўлиб, шаҳар марказида, ислом меъморчилиги услубида Миллий масжид яқинида, махсус қурилган тўрт қаватли бинода жойлашган.
Китобни яратиш- Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида амалга оширилди.
Эслатиб ўтамизки, лойиҳа Eriell Group халқаро нефть хизматлари компанияси кўмагида амалга оширилмоқда. Китоб-альбом Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг 2022 йил ёзида бўлиб ўтадиган VI Конгрессида тақдим этилади.