Китобларимизни чоп қилишда биз немис ишлаб чиқарувчиси Huber`нинг юқори сифатли офсет сиёҳларидан фойдаланамиз. Бу тўртта CMYK рангга қўшимча равишда «олтин» пантон уйғунлашади. Бундай ранг саҳифанинг пастки қисмлари ва алоҳида ажратиб кўрсатилиши керак бўлган баъзи материаллар ва саҳифалар учун ишлатилади. Масалан, бўлимлар ва мавзуларнинг сарлавҳалари. Пантон - Американинг Pantone Inc компанияси томонидан ишлаб чиқарилган стандарт рангларни мослаштириш тизими. Бу тизим ранглардан бирини "Йил ранги" деб эълон қилади.
CMYK (Cyan, Magenta, Yellow, blacK) қисқартмаси тўрт рангнинг номини англатади. Ўзбек тилида бу кўк, бинафша, сариқ ранглардир. Тўртинчи ранг сифатида қора ранг ишлатилади. CMYK бу - асосан полиграфия саноатида фойдаланиладиган ранг яратиш тизими.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги китобларнинг диққатга сазовор жойи китобнинг устки, ён ва пастки қисмларининг зарҳал билан безатилишидир. Бу "зарҳаллаш" деб аталади - мазкур усул босма нашрга бир зумда жозибали ва қимматбаҳо кўриниш беради.
Илгари, ҳашаматли тери боғичлари билан ўралган энг муҳим китоблар шу тарзда яратилган. Ўша вақтларда зарҳаллашда ҳақиқий олтин қўлланилган. Ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш учун китобнинг фақат юқори қирраси зарҳал қилинган, бу китоб жавонда турганда кўриниб туришини таъминлайди. Барча ишлар ҳунармандлар томонидан қўлда, қўлбола ускуналарда амалга оширилган.
Бизнинг давримизда ҳам мазкур технология катта ўзгаришларга дуч келмади. Зарҳал бериш икки мақсадда қўлланилади: биринчидан, китобни безатиш мақсадида, иккинчидан уни асраш мақсадида. Энг муҳими, зарҳаллаш китобларни атроф-муҳитнинг зарарли таъсирларидан - ишқорланиш, чанг тўпланиши ва нам тортишидан ҳимоя қилади.
Китобларимизнинг четини зарҳал қилиш, саҳифаларни тикишдан олдин амалга оширилади. Бу муқованинг ифлосланишига йўл қўймайди, шунингдек қоғоз саҳифалар билан ишлашда халақит бермайди.
Зарҳаллашнинг бир нечта турлари мавжуд - фольга ҳамда бўёқлардан фойдаланган ҳолда зарҳал бериш. Китобларимизга бўёқлар ёрдамида тилла тус берилган. Махсус силлиқлаш амалиётидан сўнг, бўёқ машинасида ранг берилади, сўнгра олтин чанг бармоқларга юқиб қолмаслиги учун махсус қаттиқ қатлам билан ёпилади.
"Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳасининг бош ҳомийси Eriell Group нефть-сервис компанияси эканлигини қайд этиб ўтамиз.