Мир Алишер Навоий Ҳирот ҳукмдори Султон Ҳусайн ибн Мансур ибн Бойқаронинг яқин инсонларидан бири ва ишончли маслаҳатчиси бўлган. У 1472 йилда Мир унвонига эга бўлган. Бу унвон одатда уруғ бошлиғини билдирган ва «амир» сўзининг қисқартирилган шакли бўлган. Бироқ, у 1487 йилда бошқа мансаблар қаторида амирликдан ҳам воз кечган. Астробод ҳокими лавозимини тарк этга бўлса ҳам, унвонини сақлаб қолишда давом этди.
Алишер Навоийнинг мавқеи унинг уруғлар иерархик тузилмасидан ташқарида туриши билан боғлиқ эди. У болалигидан султон Ҳусайн хизматида бўлиб, унга эргашган, фидойилигини намойиш этган. Натижада давлатнинг барча муҳим ишлари унга ишониб топширилиб, “Муқаррабу ҳазрати султоний” (Султоннинг ишончли одами) фахрий унвони берилган. Амирликдан воз кечиши билан у саройда янада кўпроқ ҳурматга сазовор бўлган.
Манбалар унинг улкан шахсий бойликка эга бўлганини таъкидлаган, бу унинг санъатга бўлган қизиқиши билан бир қаторда Султон Ҳусайннинг Ҳирот саройидаги маданий ҳаётга ҳомийлик қилиш имконини берган. Шунингдек, Алишер Навоий турк ва форс зиёлиларининг, жумладан, дўсти Абдураҳмон Жомийнинг учрашувларига тез-тез мезбонлик қилиш учун шахсий саройига эгалик қилган.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумига оид “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги безакли қўлёзмалари”, 19-жилд.