Сиз ҳар куни ишлатадиган пиёла асл жилоси ва бўёғини йўқотса, нима бўлишини ким билади?
Уни шунчаки тўнтариб, тубига қаранг!
Машҳур рус устахоналарининг ўзига хос тамғалари шундай кўринишда бўлган. Гарднер, Дулево, Кузнецов, Орлов ва Ивановлар, ака-ука Храпуновлар, ака-ука Корниловлар ва Батенинлар 19-аср охири ва 20-аср бошларида Ўрта Осиёни чинни идишлар билан таъминлаганлар.
Агар пиёлада айнан шу тамғани кўрган бўлсангиз, омадингиз бор экан! Чунки у камида 100 ёшга кирган. Бу пиёла сизга катта бойлик келтириши мумкин!
Агар пиёла тубида Анқо қушининг расми бўлса – у Тошкент чинни заводининг тимсолидир!
Ушбу афсонавий корхона 1953 йилда иш бошлаган. Ўзбекистон рамзига айланган пахтагулли нақшни айнан унинг ҳунармандлари ихтиро қилганлар. Уйингизда, албатта, бундай нақшли идишлар бор! Пахтагулда ғўзанинг пояси (ғўзапоя), барглари, гули, очилган шонаси, очилмаган (кўрак)ни кўриш мумкин.
Тошкент чинни заводининг яна машҳур рамзларидан бири бу Шарқ эртакларидаги Олтин антилопа ва Бажов эртагидаги Кумуш туёқ ўртасидаги “Олтин кийик”дир. Бундай тўпламга тегишли битта ликопча бугунги кунда 50 долларгача туради!
Дарвоқе, Анқо қуши – жуда яхши рамздир. У тасодифан танланмагани аниқ. Бу қуш Ҳумо бахт қушининг аналоги бўлиб, у хонадонга фаровонлик ва қувонч келтиради!
Ўзбек чинни буюмлари ҳақида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг 28-жилдидан батафсил маълумот олишингиз мумкин.