30 апрель куни БААнинг Шаржа шаҳридаги Археологик ва моддий мерос фонди делегацияси Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти (БЖ) офисига ташриф буюрди.

Делегацияга фонд директори, БЖ аъзоси, қурултойларимизнинг доимий иштирокчиси, 2023-2024 йилларда нашрдан чиқадиган БАА тўпламларидаги Ўзбекистон маданий меросига бағишланган китоб-альбом куратори, Иса Юсуф бошчилик қилди. Унга ҳамкасблари Саид Алнакби, Адил Алҳосани ва Мустава Тетанжи ҳамроҳлик қилди.

Шунингдек, офис меҳмони Япониядаги Михо музейининг махсус тадқиқотчиси, Бутунжаҳон жамияти бошқаруви аъзоси Сергей Лаптев бўлди.


Делегация “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”, “Ўзбекистон меъморий эпиграфияси” туркумидаги китоблар, шунингдек, “

Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг тақдирлаш нашрлари билан танишди.
Меҳмонларга Жаҳон жамияти фаолияти, йўналишлари, ишлари натижалари ва яқин келажакдаги режалар ҳақида тақдимот қилинди. Шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси БАА тўпламларида” китоб-альбомини тайёрлашнинг амалий масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ташриф якунида Исо Юсуф таъкидлади:
Шаржа амирлиги (БАА) археология қўмитаси кўп йиллардан буён Яқин ва Ўрта Шарқ тарихини ўрганиб келмоқда. Биз тадқиқотимизни БААда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам олиб борамиз. Бу ишда бизга доктор Жасим Сабоҳ ёрдам беради. Хорижий илмий доиралар, жумладан, Қувайт, Яман ва Баҳрайн, Франциядан келган мутахассислар билан ҳам ҳамкорлик қиламиз. Фаолиятимиз натижалари, қизиқарли кашфиётлар билан бирга нашр этаётган китобларимизда ҳам ўз аксини топмоқда.
Муайян соҳаларда ўзбек олимлари билан ҳам ҳамкорлик қиламиз. Биз бир неча йиллардан буён Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти конгресслари иштирокчисимиз. Бутунжаҳон жамияти бошқаруви аъзоси жаноб Сергей Лаптев билан биз археологик тадқиқотлар олиб бормоқдамиз, Марказий Осиёда топилган ёки Арабистон ярим ороли ҳудудидан Буюк ипак йўли йўллари бўйлаб топилган ашёларни ўрганмоқдамиз. Ушбу ҳамкорлик БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради, деб умид қиламиз.
Мамлакатларимизни кўплаб тарихий омиллар, жумладан, Буюк Ипак йўли бирлаштиради. Масалан, БАА ҳудудидан Кушонлар подшолигининг тангалари топилган. Орадан асрлар ўтиб, Тошкент ва Самарқандда Аббосийлар сулоласи тангалари зарб қилинган. Мовароуннаҳр Араб халифалиги мавжуд бўлган йилларда Шарқ билан Ғарбни, Жануб билан Шимолни боғловчи нуқта эди.
