Кун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ҳақида ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди. Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўз қутлов сўзларини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юриспруденция фанлари доктори, профессор Акмал Саидов, лойиҳа муҳаррирлар кенгаши раиси сифатида модераторлик қилди ва ҳафталик давомида Ўзбекистоннинг тарихий мероси фаол муҳокама қилиниши муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU раиси Фирдавс Абдухолиқов халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида гапирди ва маданий мерос ҳафталиги дастурини тақдим қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси ҳақидаги фильм намойиш этилди.
Тадбир давомида бошқа соҳа вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, академик Азамат Зиё, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов ва бошқалар ҳам сўзга чиқишди. Улар ҳафталик доирасида ўтказиладиган йўналишлар ва тадбирлар ҳақида ахборот бериб, келгуси тадбирлар маданий мулоқот ва меросни сақлашга катта ҳисса қўшишини кафолатлашди.
Қаҳва-брейк ва матбуот билан учрашувдан кейин маданий мерос ҳафталигининг илмий қисмининг «Шарқ ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва цивилизациялар» биринчи сессияси бошланди, унда таниқли экспертлар сўзга чиқишди. Сессияни Туркиянинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) бош директор ўринбосари Чингиз Томар очди. У Ўзбекистон билан кўп йиллик ҳамкорликни эслаб, келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятини тасдиқлади. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази билан келишувларга кўра, IRCICA ўзбек замини олимлари энциклопедиясини яратиш лойиҳасини бошлаётганини таъкидлади.
Шундан сўнг Туркия Қўлёзмалар институти президенти Жошқун Йилмаз ўз нутқини сўзлади. У Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ижросини олқишлади ва Туркия ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади. У, хусусан, икки мамлакат олимларига қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам бериш учун ўзбек-турк қўмитасини тузиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Япониянинг Михо музейи илмий ходими Сергей Лаптев маданий мерос ҳафталигининг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди ва Ислом цивилизацияси маркази билан биргаликдаги нумизматика коллекциясини яратиш лойиҳаси ҳақида маълумот берди.
Маросим давомида БААнинг «Манара» маркази ижрочи директори Бахита Аҳмад Ал Румайтий Ўзбекистон раҳбариятининг маданий ва исломий меросни сақлаш ҳамда оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади. Франциянинг Миллий илмий тадқиқот маркази (CNRS) исломшуноси ва тадқиқотчиси, Париж Олий илмий тадқиқотлар мактаби профессори Карим Ифрак Ўзбекистоннинг маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги мавқеини қайта тиклаётганини эслаб ўтди. У шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросига алоқадор Қуръон нусхаларини жаҳон жамғармаларида қидириш юзасидан ўтказган тадқиқотлари ҳақида сўзлаб берди.
Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев ҳам ҳафталикнинг аҳамиятини таъкидлаб, Мирзо Улуғбекнинг 630 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди. Германиянинг Берлин давлат кутубхонаси Марказий Осиё бўлими илмий ходими, Марказий Осиё қўлёзмалари бўйича етакчи мутахассис Айсима Мирсултон Ислом цивилизацияси маркази билан янгидан бошланган қўшма лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Очилиш маросими якунида иштирокчилар биргаликда суратга тушишди ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамда хорижий ҳамкорлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Куннинг иккинчи ярмида Ислом цивилизацияси маркази музей залларининг янги экспозициясига бағишланган муҳокамалар ва музокаралар бошланди. Форум давомида Ислом цивилизацияси марказининг музей экспозицияларига масъул ходимлар, шунингдек, Ўзбекистон музейларининг директорлари ва вакиллари жамланишди.
Тадбир қатнашчилари фикрлари:
Чингиз Томар – IRCICA бош директори ўринбосари:
«Ўзбекистонда ҳам, Туркияда ҳам маданий меросни ўрганиш ва сақлашга катта эътибор бериляпти. Икки давлат раҳбарлари бу масалага шахсан қизиқиш билдиришган. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари самарали бўляпти. IRCICA ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида яқин ҳамкорлик мавжуд. Яқинда ўзбек делегациясининг Туркияга хизмат сафари бўлиб ўтди. Ўзбек олимларига бағишланган энциклопедияни чоп этиш ишлари давом этмоқда».
Эммануэль Брелло (Франция) – Wilmotte & Associates компаниясининг етакчи дизайнери ва лойиҳа бошқарувчиси:
«Ўзбекистон – буюк тарихга эга мамлакат, бу ерда ишлаш биз учун жуда қизиқарли. Ҳар куни янги нарсаларни ўрганяпмиз. Мамлакатнинг тарихи жуда бой ва ажойиб. Ўзбекистон аввал ҳам, ҳозир ҳам цивилизациялар ва турли маданиятларнинг чорраҳасида турибди. Бу эса Ўзбекистоннинг биз ишлаган бошқа мамлакатлардан фарқли жиҳатидир. Мамлакатнинг архитектура мероси бетакрор.
Ислом цивилизацияси маркази – Ўзбекистондаги илк йирик лойиҳамиз. Бу лойиҳа устида 2018 йилдан бери ишлаяпмиз. Бу биз учун катта чақириқ. Асосий мақсадимиз – Ўзбекистон олимлари ва раҳбарияти томонидан билдирилган ғояларни марказ ташрифчиларига етказишдир».
Сергей Лаптев (Япония) – Михо музейи махсус илмий ходими, фан доктори:
«Маданий мерос ҳафталиги Янги Ўзбекистондаги муҳим тадбирдир. Ўзбекистонда маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга жуда катта эътибор берилаётганини таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга маданий меросни ўрганиш ва оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдиришни истардим. Ўзбекистон маданий мероси фақат бир мамлакатнинг эмас, балки бутун дунёнинг мероси ҳисобланади. Ҳаммамиз Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Беруний каби олимларнинг жаҳон илм-фанига қўшган улкан ҳиссасини биламиз. Самарқанд, Бухоро ва Хива бутун инсоният меросидир. Уларни ўрганиш дунёнинг барча одамлари учун муҳимдир.
Ислом цивилизацияси маркази шунчаки музей эмас, балки турли миллатлар ва динлар ўртасидаги тинчликни қўллаб-қувватлайдиган марказдир. Бу Шавкат Мирзиёевнинг олижаноб ғоясидир. Биз бундай тинчлик ва тотувлик ишларига ўз ҳиссамизни қўшганимиздан фахрланамиз. Мазкур беназир лойиҳанинг дунёда ўхшаши йўқ. Биз марказ экспозициясини яратиш бўйича турли ғоялар устида ишлаяпмиз, экспозиция нафақат илмий ва тадқиқот, балки кўргазма майдони ҳам бўлади. Хусусан, мен нумизматика – яъни хронология, иқтисодий муносабатлар тарихини ўрганишга ўз ҳиссасини қўшадиган фан билан шуғулланяпман».
Бахита Ахмед Ал-Румайтий (БАА) – БААдаги «Манара» марказининг ижрочи директори:
«Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев кўп йиллар олдин аждодлар томонидан асос солинган миллий анъаналарни қўллаб-қувватлаш бўйича улкан лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон раҳбариятининг маданий мерос, тарих ва кўп асрлик анъаналарни сақлашга бўлган эътибори мени жуда ҳайратлантирди. Шунингдек, бу йўналишдаги ўзбек олимларининг олиб борган катта ишлари ҳам таҳсинга сазовор.
Мен учун Ўзбекистоннинг Маданий мерос ҳафталигида иштирок этиш ва Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилиш катта шарафдир. БАА ва Ўзбекистон ўртасида чуқур илдиз отган муносабатлар мавжуд. Икки давлатни умумий исломий мерос бирлаштиради. Биз бу муносабатларни янада мустаҳкамлашда давом этмоқдамиз. «Манара» марказимизда Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликни давом эттиришга интиламиз. Маданият ва ижтимоий соҳаларда тадқиқотлар олиб бориш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашга тайёрмиз. Марказга ташриф буюрганимизда бинонинг улуғворлигигина эмас, балки лойиҳа ташаббускорларининг улкан мақсадлари ва режалари ҳам бизга катта таъсир қилди. Ўзбекистон ҳар доим маданий марказ ва ислом фалсафаси ривожланган маскан бўлиб келган».
Борис Кислицин (Россия) – Pitch креатив агентлиги ҳаммуассиси ва «Сила света» студиясининг креатив директори:
«Маданий мерос ҳафталиги, шубҳасиз, жуда муҳим ҳодисадир. Агар Марказий Осиёда шундай катта кўламли тадбирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, унга ўхшашини эслай олмайман. 250 дан ортиқ олимлар йиғилди, уларнинг 100 дан ортиғи хорижий мутахассислардир. Бу – алоҳида мулоқот учун ажойиб имконият, янги алоқалар ўрнатиш, Ўзбекистоннинг бой ва ажойиб тарихини дунёга янада очиш учун ўзига хос воқеадир. Унга ҳамнафас бўлган ҳолда, ҳозирги кундаги ривожланиш истиқболлари ва олиб борилаётган амбицияли режалар ҳақида сўз юритиш мумкин, мен ушбу жараённинг бир қисми бўлганимдан жуда хурсандман.
Музей ва кўргазма фаолияти билан анча йиллардан бери шуғулланиб келамиз, шу ўринда айтиш жоизки, Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш – мен учун катта шараф. Фаолиятимиз билан учинчи Ренессансга кўмаклашиш йўлида ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Музейнинг иммерсив тажрибаси ва медиа таркиби устида ишлаяпмиз, чунки музейга ташриф буюрадиганларнинг 70% ёшлар бўлиши кутилмоқда. Уларга қизиқарли ва тушунарли тилда сўзлашни истаймиз. Ислом цивилизацияси маркази ўз номига мос келади. Ташрифчилар турли тиллардаги гуруҳлардан бўлиши мумкин. Биз мультимедиа ечимлари ва инновацион технологиялардан фойдаланиб, ҳар бир ташрифчининг ёдида қоладиган ва шовқинсиз тажриба яратишни мақсад қилганмиз».
Ҳалит Эрен – Намик Кемаль университети тарих кафедраси профессори, IRCICA собиқ директори:
«Ўзбекистон – ислом маданиятининг муҳим маркази. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу ерда маданий мерос ва ислом меросига оид кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мен Ўзбекистон Исломцивилизацияси маркази лойиҳаларида фаол иштирок этмоқдаман. Ҳозирда Туркияда сақланаётган ва Ўзбекистонга тегишли бўлган Қуръоннинг ноёб қўлёзмалари лойиҳаси устида ишлаяпман».
Карим Ифрак (Франция) – профессор, қўлёзмашунос, Сорбонна университети ва Париж Олий амалий мактаби доктори, Париж академик тадқиқот институти раиси, Париждаги Миллий илмий тадқиқотлар маркази (CNRS) тадқиқотчиси:
«Маданий мерос ҳафталиги ташкилотчилари ва Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорчилик билдиришни истардим. Мен учун бундай муҳим тадбирда иштирок этиш ва ноёб тадқиқотларни олиб бориш имконияти берилганидан мамнунман.
Ўзбекистон ҳар доим маданиятлар чорраҳаси бўлиб келган. Бу заминдаги тадқиқотларни давом эттирар эканман, мамлакатда сақланаётган қўлёзмалар жуда камёб эканини янада яхши тушуниб етмоқдаман. Ўзбекистон жамғармаларидаги исломий манускриптлар янада чуқурроқ тадқиқотларга илҳомлантиради.
Қанчалик кўп тадқиқотлар олиб борарканмиз, қўлёзма мероснинг ноёблиги ва камёблигини англаш бизни янги чақириқларга ундайди. Бу қўлёзмалар жуда мураккаб ва уларни ўрганиш олдимизга янги мақсадларни қўяди, янгидан янги билимлар излашга ундайди».
Нигора Двуреченская (Россия) – археолог, тарих фанлари номзоди, Россия Фанлар академияси Археология институтининг Классик археология бўлими ходими:
«Ўзбекистондаги ислоҳотлар кўзга яққол ташланади. Янги Ўзбекистонда маданиятга жуда катта эътибор қаратилгани кўплаб жабҳаларда сезилади. Мен ўзбек олимларининг янада эркин ишлаш имконияти пайдо бўлганини кўриб турибман. Улар учун ҳаёт енгиллашган ва молиялаштириш давлат томонидан яхшиланган. Эндиликда ўз экспедициялари пайдо бўлган. Шундай қилиб, археологиядаги ёшлар ҳам катта қизиқиш билан ушбу соҳада ишлашга киришмоқда. Гарчи бу қийин касб бўлса-да, уларда ушбу соҳада ишлаш иштиёқиошган, чунки эртанги кунга ишонч бор».
Жошкун Йилмаз (Туркия) – Туркия Қўлёзмалар институти президенти:
«Самарқанд ва Бухорога ташриф буюрганимда, буюк шахсларнинг ижтимоий мажмуалари қандай эҳтиётлаб сақланаётганини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни нафақат давлат арбоби сифатида, балки юксакдаражадаги билимли инсон сифатида юқори баҳолайман. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маънавий алоқалар жуда чуқур, оддий муносабатлардан кўра мустаҳкамдир. Мен доим Туркияда яшовчи мусулмонларга Ўзбекистон шунчаки сайёҳлик йўналиши эмас, балки албатта ташриф буюриш, гўзаллиги, маданияти ва қадимий фалсафасини англаш зарур бўлган маскан эканини таъкидлайман».
Маданий мерос ҳафталигининг бугунги тадбирлари нафақат тарихий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки келгуси лойиҳалардаги илмий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳам қаратилган. Қатнашчиларнинг барчаси Ўзбекистон ва унинг маданий мероси жаҳон маданияти, илм-фанининг ажралмас қисми эканлигини, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидладилар.
Форумнинг илмий қисми давомида халқаро экспертлар иштирокида яна бир неча муҳокамалар ва тақдимотлар бўлиб ўтди, иштирокчилар истиқболдаги илмий тадқиқотлар, лойиҳалар ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича ўз таклифлари ва ташаббусларини билдирдилар.













































