15 декабрь куни пойтахт Тошкентда Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги иш бошлади. Ҳафталик орқали мамлакат ўзининг тарихий маданий мероси жаҳон тамаддунига қандай ҳисса қўшганини намоён этишни мақсад қилган. 18 декабрга қадар давом этиши режалаштирилган ҳафталик «Ўзбекистон маданий бойлиги — янги Ренессанс пойдевори» IV Халқаро конгрессининг очилиш маросими билан бошланди.
Маълум қилинишича, ҳафталик давомида Ўзбекистон маданий мероси қиймати тўғрисида 300 дан зиёд хорижлик олимларнинг маъруза ўқийди. Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон Жамияти томонидан ташкил этилган. Конгресснинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Жамият асосчиси ва илмий раҳбари Фирдавс Абдухолиқов маданий меросни ўрганиш «11-12 ва 15-асрда икки ренессансни бошдан кечириб, янги уйғониш даврига қадам қўяётган» Ўзбекистон учун муҳим экани борасида гапирди.
