Тошкентда маданий халқаро анжуман ўз ишини бошлади
Бугун, 10 декабрь куни Ўзбекистонда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва “Йўл харитаси-2019”ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форуми ўз ишини бошлади.
Мазкур йирик анжуманни Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг бошқаруви раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов очиб берди.
Сўнгра меҳмонлар "Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси: мамлакатнинг маданий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, лойиҳалар ва дастурлар" фильмини кўришга таклиф қилинди.
Шахноза Ғаниева муаллифлигидаги ушбу кинокартина TV гуруҳ томонидан суратга олинган бўлиб, унда мамлакатимизда олиб борилаётган иш жараёнлари хусусида сўз юритилган.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу нуфузли анжуманда мамлакатимиздан ва дунёнинг турли мамлакатларидан 300 дан ортиқ олимлар, мутахассислар, экспертлар иштирок этмоқда.
11-декабрь куни НАЭСМИ Медиа холида "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида"лойиҳасининг 2018 йил якунлари ҳамда 2019 йил йўл харитасига бағишланган халқаро медиа-форуми иккинчи куни ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда халқаро ташкилотлар ва дипломатик миссиялар вакиллари, миллий ва жаҳон шарқшунос олимлари, музей ходимлари, вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашмоқда.
Йиғилишни «Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида» медиа-лойиҳасининг таҳрир кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Акмал Саидов очиб берди:
"Медиа-форумнинг икки кунида 10 та махсус тадбир режалаштирилган эди, уларнинг ярми биринчи куни бўлиб ўтди. Бугун ҳам аҳамиятли воқеалар кўзда тутилган. Улардан бири «Маданий меросни оммавийлаштиришнинг мултимедиа йўналишлари. 2019 йўл харитаси" лойиҳасининг тақдимоти ўтказилади. Йилдан йилга лойиҳамиз кўлами кенгаймоқда.
Бугун сиз лойиҳанинг янги йўналишлари ва унинг режалари ҳақида эшитасиз. Яна бир муҳим нарса шундаки, лойиҳа бутун дунёдаги олимларни ва мутахассисларни дунёга бирлаштирди ва шу билан бирга Ўзбекистон ва унинг маданий мероси уларнинг ўрганиш объектига айланди".



