«ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЙ МЕРОСИ БУЮК БРИТАНИЯ ТЎПЛАМЛАРИДА» МАВЗУСИДА ХАЛҚАРО ДАВРА СУҲБАТИ ЛОНДОН, БУЮК БРИТАНИЯ
2018 йил 18 апрель куни мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида «Ўзбекистон маданий мероси — Буюк Британия тўпламларида» халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбати Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, «Zamon Press Info» нашриёт уйи, «Uzbekistan Today» ахборот агентлиги томонидан «Eriell group» нефть хизмати компаниясининг ҳомийлигида ташкил этилди.
«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» мультимедиа лойиҳаси вакиллари Буюк Британия йирик музейлари ва кутубхоналари, хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига лойиҳа ҳақида маълумот беришди ва лойиҳанинг яқин келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб беришди. Бундан ташқари, «давра суҳбати» давомида хорижий олимларнинг Буюк Британия тўпламларида сақланаётган Ўзбекистоннинг маданий мероси тўғрисидаги маърузалари тингланди.
Тадбир давомида шунингдек, яқин келажакда бир вақтнинг ўзида Буюк Британия тўпламларига бағишланган бир нечта китоб-альбомларни нашр этиш режалаштирилганлиги таъкидланди.
Биринчи китоб қадимий тангаларга — Британия музейи тўпламида сақланаётган нумизматиканинг ёрқин намуналарига бағишланган. Альбом муаллифлари Хофстра университети (АҚШ) профессори Александр Наймарк ва Британия университети Нумизматика кафедраси мудири Роберт Брейси.
Бундан ташқари, Пемброк коллежи қошидаги форс тилини ўрганиш маркази директори, доктор Фируза Мелвил ва бир қатор британиялик олимлар билан ҳамкорликда Кембриж университети ва Оксфорддаги Бодлеан кутубхонаси тўпламлари устида ишлар давом этмоқда.
Давра суҳбати якунида фахрий меҳмонларга, хусусан Буюк Британия ҳукумати Лордлар палатаси вакили лорд Илтаф Шайхга «Ҳусайн Бойқаро Девони» қўлёзмасининг, Оксфорд Исломшунослик Маркази вакили доктор Талал Ал-Азимга эса дунёга машҳур «Катта Лангар Қуръони» нинг факсимиле нусхалари туҳфа этилди.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси доирасида нашр этилган 10 жилдлик тўплам Буюк Британиядаги ўнта йирик кутубхона ва музейларга беғараз совға қилинди.










