Бутунжаҳон жамияти Озарбайжон қўлёзмалар институтига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг 35 жилдини совға қилди
Бутунжаҳон жамияти Озарбайжон қўлёзмалар институтига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг 35 жилдини совға қилди
Бокуда Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг Муҳаммад Фузулий номидаги Озарбайжон Миллий фанлар академияси Қўлёзмалар институти директори Керимли Теймур Гашим ўғли билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Озарбайжонда сақланаётган ўзбек тўпламларига бағишланган китоб устида ҳамкорликда ишлаш масалалари муҳокама қилинди.
Керимли Теймур Гашим ўғли Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва республика ҳукуматининг халқаро маданий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
“Бирлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз, тинч-тотув ва фаровон ҳаётимиз учун давлат раҳбарларига миннатдорчилик билдиришимиз лозим. Маданият соҳасини икки мамлакатни азалдан бирлаштириб келаётган асосий қадрият деб аташим мумкин.
Озарбайжон томони бундай кенг кўламли ва қизиқарли лойиҳада қатнашишдан, институтда сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш учун тақдим этишдан мамнун. Ўзбекистоннинг ўз маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари чиндан ҳам таҳсинга сазовор, — деди Теймур Гашим ўғли. – Музейимизга 35 жилдлик китоб-альбомларни совға қилгани учун Бутунжаҳон жамиятига миннатдорчилик билдирамиз ва Ўзбекистон меросига оид ноёб китоблар туркумининг мамлакатимиз тўпламлари тўғрисидаги жилд билан тўлдирилишини интиқлик билан кутамиз".
Ўзбек қўлёзмаларига бағишланган бўлимга олимлар, шоирлар, маданият арбобларининг араб, форс ва ўзбек тилларида ёзилган 90 дан ортиқ қўлёзмалари киритилади. Булар Алишер Навоий, Бобур, Абу Али ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Улуғбек, Жомий асарларидир. Тўпламнинг дурдоналаридан бири Абу Али ибн Синонинг "Китоб ал-қонун фит-тибб" (II жилд) қўлёзмасидир.
Делегатлар альбомга киритиладиган қўлёзмалар рўйхатини тасдиқладилар, музей мутахассислари эса институтда сақланаётган қўлёзма мероси бўйича материал тайёрлашга киришдилар. Булар чиндан ҳам ноёб қўлёзмалардир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ёзида Самарқанд шаҳрида Озарбайжон делегацияси иштирокида бўлиб ўтган Бутунжаҳон жамиятининг 6-халқаро конгресси доирасида китоб-альбом яратиш бўйича келишувга эришилган эди.















