Тошкентда “Келажак мероси” мукофотининг тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкентда “Келажак мероси” мукофотининг тақдимоти бўлиб ўтди. 12 нафар академик, 9 нафар фан доктори ва 7 нафар фан номзоди, 20 нафардан ортиқ музей ва кутубхона мутахассислари, 7 нафар музей директорлари, шунингдек, 15 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари ғолиб деб топилди.

– “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғози ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишни давлат сиёсати даражасига кўтаргани, лойиҳамиз доирасида беш йил ичида 50 та китоб-альбом нашр этилгани ва дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган 300 нафар олимларнинг бирлашгани  бу оқилона сиёсатнинг ёрқин намунасидир, – деди Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси  Фирдавс Абдухолиқов. – Шу муносабат билан йил якунларини сарҳисоб қилар эканман, Ўзбекистон ҳукуматига грантлар ажратгани, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" рукни остида нашр этилган китобларни музейлар ва таълим муассасаларига бепул тақдим этиш имконини бергани учун ҳамда лойиҳа ҳаммуаллифи – Eriell Group нефть хизматлари компанияси ва унинг раҳбари Бахтиёр Фозиловга сўнгги беш йил давомида кўрсатган ёрдами учун алоҳида миннатдорчилик билдираман.  

Тақдирланганларга  “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомлар тўплами топширилди.

 

Шу билан бирга, давлат ва жамоат ташкилотлари кутубхоналарига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомларни анъанавий тарзда тақдим этиш маросими бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида акция ташкилотчилари томонидан кутубхоналар ва таълим муассасаларига 10 мингдан ортиқ китоб-альбомлар тарқатилди.

 

Мукофотлар қуйидаги 7 номинация бўйича топширилди: “Маданиятни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, "Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш ғояларини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлагани учун”, “Ўзбекистон тарихи ва санъати илмини, археологиясини ўрганишдаги кўп йиллик ҳиссаси учун”,, “Ўзбекистон қўлёзма меросини, эпиграфик меъморий ёзувларни сақлаш ва ўрганиш учун”, “Рассом ва замон”, “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги китоб-альбомлар муаллифлари”, “Ўзбекистон маданий мероси” туркуми учун Ўзбекистон маданий меросига бағишланган ҳужжатли фильмлар” ва “Ўзбекистон фани ва маданиятини оммалаштириш учун”.