Афсонанинг жонланиши: 80 йилдан кейин Санкт-Петербургда Навоийхонлик ўтказилди
Бундан 80 йил аввал, айни шу куни бомбардимон остида қамалда қолган Ленинградда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтганди. Айни дамда Санкт-Петербургда ушбу унутилмас сана шарафига юбилей тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири афсонавий Навоийхонлик тадбирларининг қайта тикланишидир. Бу тадбирлар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Давлат Эрмитажи ва Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институти ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин навоийхонлик кечаларининг қайта тикланиши Россия ва Ўзбекистон учун муҳим воқеа бўлди. Айнан ўшанда, 1941 йилнинг 10 декабрида, ҳатто Ленинград қамалда бўлганида ҳам беқиёс саъй-ҳаракатлар эвазига шаҳарда Европада биринчи Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига бағишланган Навоий ўқишлари бўлиб ўтганди. Илмий учрашувлар Эрмитажда ва Шарқшунослик институтида ҳам бўлиб ўтди.
Бугунги кунда бу анъана қайта тикланди. Айни дамда Санкт-Петербургда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ва қамалдаги Ленинградда ўтган Навоий ўқишларининг 80 йиллиги муносабати билан Навоийхонлик тадбири бошланди. Тадбирлар Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида ва Эрмитаж театрида ҳам ўтказилади.
Шу билан бирга бошқа қатор тадбирлар ҳам режалаштирилган. Шарқ қўлёзмалари институти фондларида ва Россия Миллий кутубхонасида сақланаётган Алишер Навоийнинг ноёб қўлёзмалари кўргазмалари, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомлар намойиши, Россия ва Ўзбекистон навоийшунослари иштирокида шоир меросига бағишланган давра суҳбати, Алишер Навоий асарларини мутолаа қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, мақом устаси Муножат Йўлчиева ҳамда миллий чолғулар ансамбли жўрлигидаги маданий дастур шулар жумласидандир.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги тарихий қарорни қабул қилди. Навоий ўқишларидек ажойиб ва халқларимизни жипслаштирувчи анъананинг қайта тикланиши давлатимиз раҳбари ташаббусининг халқаро илмий ва маданий ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётганидир. Қамалдаги Ленинградда Навоийхонлик кунларининг ўтказилгани буюк шоир тараннум этган тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига юксак садоқат рамзидир. Бугун эса, мураккаб замонамизда ҳар бир инсон учун муҳим ва бирламчи бўлган ҳақиқатлар халқларни бирлаштириб, яшашда давом этмоқда.
Бутунжаҳон жамияти номидан Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти раҳбарияти ва Давлат Эрмитажи музейи ходимларига, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва Eriell Group ҳамда Enter Engeneering компанияларига ушбу муҳим тадбирни ташкил этганликлари учун миннатдорлик билдираман. Бу муҳим тарихий воқеа, – деди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов.
Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова 80 йил аввал Ленинградда Навоийхонлик тадбирлари қандай ўтказилгани ҳақида гапирди. Тадбир иштирокчилари орасида таниқли фан ва маданият арбоблари – академик Орбели ва профессор Бертольс, Борис Пиотровский, Всеволод Рождественский, Николай Лебедев ва бошқалар бор. Ирина Феодоровна ўз маърузасида тарихий тадбирда академик Орбели айтган сўзлардан иқтибос келтирди: “Ғалабадан кейин ва у албатта келади, биз юбилейни янада улуғвор ва тантанали нишонлаймиз. Аммо немис қуроллари жўрлигидаги ўтган ушбу учрашув, умид қиламанки, барчанинг хотирасида қолади. Нима бўлишидан қатъий назар, шеър яшайди ва ғалаба қозонади. Шундай экан, келинг, шеъриятнинг гўзал дунёсига шўнғиймиз...”





