“Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси халқаро кузатувчиларга тақдим этилди

22 октябрь куни Халқаро Медиа Холлда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига келган хорижлик кузатувчилар ва экспертлар учун “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирнинг фахрий меҳмонлари дипломатик корпус вакиллари, халқаро кузатувчилар, олимлар, пойтахт ва вилоятлар музей ва муассасалари вакиллари, журналистлар ва блоггерлардан ташкил топди.

Тадбир давомида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 5 йиллик фаолияти якунлари ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг фаолияти натижалари ҳақида видеофильм намойиш этилди.

Тадбирнинг якуний босқичида Бутунжаҳон жамиятининг хорижий аъзоларига Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган эсдалик нишонларини топшириш, шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги 35 жилдлик китоб-альбомларни олиш учун сертификатларни тақдим қилиш маросими ўтказилди. 
Китоблар ва фахрий нишонлар хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган элчихоналари орқали етакчи музейлар, кутубхоналар ва илмий муассасаларига, шунингдек, Бутунжаҳон жамиятининг хориждаги аъзоларига шахсан топширилади.