
Токиода «Ўзбекистон ва Япония Буюк ипак йўлида» халқаро илмий анжумани бўлиб ўтди
Токиода «Ўзбекистон ва Япония Буюк ипак йўлида» халқаро илмий анжумани бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича келгуси ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдир.
Анжуманда «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» халқаро мультимедиа лойиҳасининг Япония музейларида сақланаётган ўзбек артефактларининг япон мутахассислари томонидан ўрганилиши билан боғлиқ иши тақдим этилди. Унинг натижалари тўртта тилда – япон, ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр этилган «Марказий Осиё санъати Япония коллекцияларида» китоб-альбомида ўз аксини топган. Ноширлик қисмидан ташқари Япония томони билан ҳамкорликда япон коллекцияларидаги Ўзбекистон маданий мероси ҳақидаги ҳужжатли фильм тайёрланди.
Мамлакатларимиз ўртасида азалдан илмий алоқалар мавжуд бўлган, шунга қарамай, Япония томонидан ташкил этилган ва ўзбек мутахассислари иштирок этган конгресслар, конференциялар ва ижодий учрашувлар Ўзбекистон Республикасининг Японияда ўтказаётган биринчи кенг кўламли тадбири бўлди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жамият ҳаётининг турли соҳаларида кенг халқаро ҳамкорликка йўналтирилган, ўзбек маданиятининг бой анъаналарини оммалаштириш ва халқаро майдонда тақдим этишни мақсад қилган ислоҳотларнинг намойиши сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг китоб-альбомда чоп этилган ва анжуман қатнашчиларига Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви аъзоси Сергей Лаптев томонидан япон тилида ўқиб берилган мурожаати бунинг исботидир.
Анжумандан кўзланган яна бир мақсад – япон илмий ҳамжамияти билан алоқаларни мустаҳкамлаш, журналистлар, жамоат арбоблари, кучли инвесторлар ва Буюк ипак йўлига қизиқувчиларнинг кенг доирасига мамлакатимизнинг бой маданий салоҳиятини ҳикоя қилиб бериш ва намойиш этишдан иборат.
– Мамлакатингиз, айниқса, охирги 3 йил ичида қанчалар тез суръатда ўзгараётганини сезмасликнинг иложи йўқ. Эндиликда у жаҳон саҳнасида ажралиб турувчи ўз қиёфасига эга замонавий давлатдир, – дея қайд этди ўз интервьюсида Хаясибара музейи директори Таниити Такаси. – Илмий анжуманнинг мана шундай даражада ташкил этилиши – мислсиз ҳақиқат. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши ва эътибори туфайли юртингизда юз бераётган ўзгаришларнинг яна бир муваффақиятли намойишидир. Маданий мерос ва унинг оммалашувига эътибор янги Ўзбекистоннинг жуда муҳим ва ўзига хос жиҳати. Япония музейларидаги ўзбек санъати намуналарини ўрганиш, ҳужжатли фильмлар яратиш, илмий анжуманларни ташкил этиш – нафақат ўзбек мероси, балки бутун жаҳон меросини билишнинг мутлақ янги босқичидир.
«Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевга ўз мамлакатининг тарихи ва маданиятига қизиқиши, Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорчилик билдиришни хоҳлардим, – дея таъкидлайди Япония императорлик саройи Бошқармасининг Сёсоин императорлик ғазнаси собиқ директори Ёнэда Юскэ. – Мамлакатингиз мисли кўрилмаган илмий салоҳиятга ва бой меросга эга, қадимдан йўлга қўйилган маданий алоқаларимиз бугун янгича нафас олаётгани – юртингизнинг хизматидир. Ўзбек ва япон тадқиқотчиларининг ишларини умумлаштириб, Буюк ипак йўли бўйича изланишларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш мумкин».
Касихара Археология институти қошидаги музей директорининг собиқ ўринбосари Киносита Ватару «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомлар тақдимоти даражасини қайд этди:
— Тадбирда тақдим этилган ажойиб нашрларда япон музейларидаги ўзбек санъати коллекциялари ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Уларни ўрганиш катта аҳамиятга эга. Биз бу йўналишда илмий ва тадқиқот ишларимизни давом эттиришимиз керак. Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида маданий ва илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давом эттирилишига, улар туфайли ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан илмий режаларимизни амалга ошира олишимизга чин дилдан ишонаман.
Тенри музейи бош маслаҳатчиси Матцуда Синъитининг фикрича, бундай ташаббуслар Япония учун ажойиб тажриба ҳисобланади. «Мамлакатингизнинг маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги улкан ва муҳим тажрибага эгалиги, шубҳасиз, япон тадқиқотчилари учун ажойиб намунадир. Биз, японияликлар, буни сиздан ўрганишимиз керак. Бизни кўп жиҳатлар, жумладан, Япония ҳам Ўзбекистон каби маданиятини ўз ташриф қоғози сифатида кўрсатиши бирлаштириб туради. Лекин Ўзбекистон Президенти ўз мамлакатининг маданиятини оммалаштиришга қандай ва қай даражада ҳисса қўшаётгани – улкан эҳтиром ва ўрганишга лойиқдир».
«Ишончим комилки, ўз маданиятингизни ўрганиш ва оммалаштириш тажрибангизга энг янги ахборот технологиялари қўшилса, Ўзбекистон меросни асраб-авайлаш масаласида жаҳонда етакчи мавқени эгаллайди, – деди Япония илмий-техника бирлашмаси агентлиги директори Хамагути Митинари. – 3 йил олдин юртингизда қанчалар кўламли ислоҳотлар бошланганини сезмай бўлмайди. Ўзбекистон жадал ўзгармоқда, очиқ мамлакатга айланиб бормоқда. Бунда Президентингизнинг хизматлари катта. Ўзбекистон маданиятни ўз сиёсатининг таянчи қилиб олгани – бутун халқингиз учун чинакам ғурур-ифтихордир. Бизнинг Ўзбекистон маданиятига ҳам қизиқишимиз кам эмас. Ахир Буюк ипак йўли мавзулари, у орқали ғоялар, технологиялар, маданий анъаналар ёки ҳозир Айти-префектураси мутахассислари ўрганаётган Самарқанд қоғозининг ихтироси – буларнинг барчаси бизнинг умумий меросимиздир. Инновацияларни анъаналар билан бирлаштириш – замонавий фан учун керакли жиҳат ва бизнинг бу йўналишда биргаликда олиб борадиган ишимиз янада фаоллашади, деб умид қиламан.
Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси (НАЭСМИ), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.



















