
Жорий йилнинг 13-21 сентябрь кунлари Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида – Тошкент, Хива ва Нукусда Маданий мерос ҳафталигининг бир қанча ёрқин маданий тадбирлари бўлиб ўтади.
Ҳафталик доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги уйғониш даври асоси” V Конгресси бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган тадбирлар ташкилотчилари: Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ЮНEСКО кўмагида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, «Eriell Group» нефть хизматлари компанияси.
Конгрессда дунёнинг 46 давлатидан ва мамлакатимиздан 350 дан ортиқ олим ва экспертлар – етакчи шарқшунослар, қуръоншунослар, экспертлар, тадқиқотчилар, қўлёзма ва миниатюра бўйича мутахассислар ва бошқа кўплаб олимлар иштирок этади.
“Мерос ҳафталиги” доирасида Ўзбекистонлик ва хорижлик меҳмонларни мамлакатимиз санъатининг ноёб дурдоналари билан таништирадиган ўнга яқин кўргазма ташкил этиш режалаштирилган. Булар археолог, Марказий Осиё маданияти тадқиқотчиси Леон Семёнович Баршевскийнинг “Ўзбекистон тарихи фотосуратларда”, “Марказий Осиё картографияси: илм-фан ва геосиёсат ўртасида” фотокўргазмалари, “Ўзбекистоннинг 100 та энг яхши қўлёзмаси” фотокўргазмаси, Риштон кулолчилик буюмлари кўргазмаси, “Замонавий илм-фанда 3Д технологиялари” номли Шаҳрисабз ва Самарқанд ёдгорликларига виртуал саёҳат, видеоарт кўргазмаси, Ж.Усмоновнинг “A.Навоий шеърияти” тасвирий намуналари, Ўзбекистон Республикаси Миллий банкининг нумизматик коллекцияси кўргазмаси ва бошқалар.
Шунингдек, Маданий мерос ҳафталиги доирасида Ўзбекистоннинг жаҳондаги ва миллий коллекциялардаги дурдоналарига бағишланган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги 50 та ноёб китоб-альбомлар тақдимоти бўлиб ўтади. Шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий элчихоналар, консулликларга, музейлар, галереялари, таълим муассасаларига 50 та китоб-альбом тўпламини топшириш маросими ҳам режалаштирилган.
Шу билан бирга, “Маданий мерос ҳафталиги” иштирокчилари Нукус шаҳрига ташриф буюриб, Нукус бахшилар мактабидаги “Жаҳон маданияти тамаддунида бахшичилик санъатининг ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-назарий конференциянинг очилишида иштирок этадилар ва шундан сўнг улар Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросими иштирокчиларига айланадилар.
Бундан ташқари, Нукусда ЮНEСКО шафелигида “Археология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Иштирокчилар археологик меросни бошқариш ва геомаданий бренд, фундаментал ва амалий фандаги археологик мерос ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қиладилар.


















