
“Ўзгармас юлдузлар китоби” астрономик асари ўзбек заминининг буюк фарзанди Мирзо Улуғбек буйруғи билан яратилганини инкор этиб бўлмайдиган далилларни ўз ичига олган ноёб қўлёзма ҳисобланади.
Қўлёзманинг ҳақиқийлиги ва тарихий аҳамияти шубҳасиздир – унда Мирзо Улуғбекнинг Цефей буржи кўринишидаги тасвири туширилган миниатюра, зарҳал сиёҳда айлана шаклидаги ёзувлар ва “тахтдаги олим” кутубхонасига тегишли бўлган бошқа белгилар мавжуд. “Ўзбекистон маданий мероси – янги Уйғониш даври асоси” V халқаро конгресси доирасида эълон қилинди.
Ушбу қадимий қўлёзманинг факсимиле нусхаси Австриянинг Mueller&Shindler нашриёти томонидан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан биргаликда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида тайёрланган.
Асар муаллифи ХХ асрнинг машҳур астрономи ва астрологи Абдурраҳмон ибн Умар ас-Сўфийдир. Ўрта асрлар астрономиясида “Ўзгармас юлдузлар китоби” том маънода давр яратувчи асарга айланган ва бу, албатта, ўзининг астрономик жадвалларини яратиш устида ишлаган олим Улуғбекка ёрдам берган. Бу қўлёзма шахсан Мирзо Улуғбекка тегишли бўлиб, унда унинг қўли билан ёзилган ёзувлар мавжуд.
Ушбу қўлёзма Франция Миллий кутубхонаси фондида сақланмоқда.
“Биз Франция миллий кутубхонаси билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келамиз ва “Ўзгармас юлдузлар китоби”нинг факсимиле нусхаси ҳамкорлигимиз натижаси бўлган иккинчи нашрдир. Бунгача машҳур «Мерожнома» диний-фалсафий асарининг факсимиле нусхасини яратдик. Шахсан Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўмагида ва Австриянинг “Mueller&Shindler” нашриёт-матбаа ижодий уйи ёрдамида бутун дунё олимларининг орзулари рўёбга чиқаётганидан чексиз хурсандмиз. Чунки бу мамлакатимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлашда ғоят муҳим. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва Eriell Group нефть конлари сервис компаниясига лойиҳани амалга оширишда кўрсатган ёрдами учун Бутунжаҳон жамияти номидан миннатдорчилик билдираман. Факсимиле нашрларнинг аҳамияти шундаки, улар асл қўлёзма қандай кўринишда бўлганлиги ҳақида деярли тўлиқ тасаввур ҳосил қилади”, – деди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.
Унинг қўшимча қилишича, Жаҳон жамияти ва Mueller&Shindler нашриёти аллақачон энг буюк қўлёзмаларнинг олтита факсимиле нашрларини яратган. Улар орасида Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти фондидаги Катталангар Қуръони, буюк ҳукмдор ва саркарда Амир Темур ҳаёти ва фаолияти тасвирланган «Зафарнома», Ҳусайн Бойқаро Девони, “Мерожнома”, “Темур тузуклари” қўлёзмалари бор. Барча факсимиле нашрлар Ўзбекистондаги музей ва кутубхоналарга совға қилинади.














