Пойтахтимизда Маданий мерос ҳафталиги доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг V юбилей Конгресси бўлиб ўтди.
Унда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан ва мамлакатимиздан 350 га яқин олим ва экспертлар – етакчи шарқшунос олимлар, қуръоншунослар, тадқиқотчилар, қўлёзма ва миниатюра бўйича мутахассислар, журналистлар ва бошқалар иштирок этди.
Улардан баъзилари аллақачон Конгресснинг доимий меҳмонига айланишган, баъзилари эса биринчи марта қатнашмоқда.
“The Bukharian Times” газетаси бош муҳаррири Рафаэл Некталов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Мен ўзим самарқандликман, лекин 1993 йилдан бери Нью-Йоркда яшайман. Бундай конгрессда биринчи марта иштирок этишим. Буларнинг барчаси мени қувонтирди. Мамлакат маданиятга жиддий қадам қўйганидан жуда хурсандман. Маданият омили ҳозир миллатнинг тикланишини белгиламоқда. Meн уни Уйғониш даври деб атаган мафкурачиларнинг фикрига қўшиламан, чунки бу асл илдизларига қайтишнинг тўғри йўли ва таърифи. Бундай ўйлашга асос бор, чунки халқнинг тарихи жуда мураккаб. Биз бугун барчасини сарҳисоб қилишимиз керак ва бунинг учун жар солишимиз даркор: биз маданиятга юзландик, биз олдинга интиляпмиз ва лойиҳа ҳам айнан шундай қилмоқда. Мен учун бу ерда кўрганларим жуда қимматлидир. Умуман маданиятга бундай кенг қамровли марказлашган ёндашув. Бутун лойиҳанинг маданийлиги, буларни ҳис қилиш, англаш ва маълумот олиш... умуман ҳеч нарсани ўтказиб юбормаслик керак.
Айтмоқчиманки, айнан шундай лойиҳалар маданий меросни қайта тиклаш ғоясини миллий миқёсга олиб чиқади ва “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси бутун дунёдан кўплаб олимлар, санъат арбобларини шу мақсадда бирлаштирди.
Ушбу конгрессда мен иккита маъруза қиламан – биринчиси ажойиб рассом Елена Караваева ижоди билан боғлиқ бўлса, иккинчи маърузам Самарқанднинг яҳудий кварталларини қандай қилиб сайёҳлик ҳудудига айлантириш ва улар сайёҳлар учун жозибадор бўлиши мумкинлигига бағишланган. Ҳозирда дунёнинг кўплаб шаҳарларида яҳудийлар йўқ, лекин музейлар, кўчалар бор ва улар сайёҳлар учун қизиқарлидир.














