
Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, ЎзЭОАВМА «Янги Ўзбекистон. Янгича нигоҳ» медиа –дастури доирасида, Ўзбекистондаги ВВС хизмати ва “Севимли” телеканали билан ҳамкорликда суратга олинган «Усмон Қуръонининг қайтиши» ҳужжатли фильми, қадимий Мусҳаф Усмоннинг ажойиб ҳикояси ҳақида гапириб беради.
– Бундай лойиҳанинг муқаддас Рамазон ойида яратилгани- рамзий маънога эга. Ўзбекистонда ва бутун дунёда бу фильмни қанча кўп одамлар кўрса, шунчалик хурсанд бўламиз. Бу, албатта, кейинги йирик лойиҳаларда Ўзбекистон Киноематография агентлиги билан ҳамкорликда иш олиб боришимизда асосий омил бўлади, – дейди Би-Би-СИ нинг Ўзбекистондаги хизмати бош муҳаррири Хайрулло Файз.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг 2019 йилда, Ўзбекистондаги ВВС хизматига ташрифи чоғида, Усмон Қуръони ҳақида фильм суратга олиш таклифи ўртага ташланган эди.
– 2017 йилнинг сентябрь ойида, БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида, Президент Шавкат Мирзиёев “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни илгари сурган эди, унда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш- энг муҳим масалалардан эканлиги устувор вазифа сифатида эътироф этилган эди. Давлатимиз раҳбарининг сўзларидан келиб чиқиб, «Усмон Қуръонининг қайтиши» фильмида диний бағрикенглик тамойилларига алоҳида урғу берилган. Фильм нафақат юртдошларимизга, балки барча мусулмонларга манзур бўлади, десам хато қилмайман. «Усмон Қуръонининг қайтиши» фильми Рамазон Ҳайити арафасида юртимиз телеканалларида намойиш этилиши режалаштирилган.
Фильмнинг махсус тақдимотидан ташқари, фильмга бағишланган дастурлар ва ижодий суҳбатлар ташкил этилади. Фильмнинг муқаддас Рамазон ойида бўлиб ўтадиган премьераси байрамга ажойиб туҳфа бўлади, деб ўйлайман, – дейди “Ҳужжатли фильмлар ва кинохроника” ДУК директори Фурқат Усмонов.
Ғоя муаллифи ва лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, сценарий муаллифи ва бошловчиси Луиза Искандарий, постановкачи- режиссёр Меҳрибон Ализода, постановкачи- оператор Азизбек Норматов, рассом Алишер Умрзоқов. Суратга олиш жараёнлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Санкт-Петербургда бўлиб ўтди.
Фильмда, илк бор бу нодир муқаддас манускриптнинг XIX аср охирида Россияга юборилиши, шунингдек, Санкт-Петербургдаги Император кутубхонасида сақланиши ва кейинчалик Уфа муфтиятига топширилиши ҳолатлари ўрганилган. Архив ҳужжатлари асосида, Усмон Қуръонининг 1923-йилда Ўзбекистонга қайтарилиши ҳолатлари тикланган. Фильмда шунингдек, 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Бошқармасига Усмон Қуръонининг етказилишига гувоҳ бўлганларнинг ҳикояларидан ҳам фойдаланилган.
Маълумки, ЮНЕСКОнинг “Дунё хотираси” рўйхатига киритилган Қуръони Каримни кўриш учун, ҳар йили Тошкентга дунёнинг турли бурчакларидан юз минглаб мусулмонлар, сайёҳлар келади. Усмон Қуръони бизгача етиб келган Қуръонларнинг энг қадимий нусхасидир.
Жаҳон экспертларининг фикрича, Ўзбекистон- ўзига хос ноёб давлат бўлиб, унда Усмоннинг иккита ноёб Қуръони сақланади. Ижодий гуруҳ, икки йил аввал, Би-Би-СИ нинг Ўзбекистондаги хизмати билан ҳамкорликда суратга олинган “Катталангар Қуръони ҳақиқатлари ва афсоналари” фильмида биринчи Қуръон ҳақида сўзлаб берган эди.

















