Ибн Баттута (Британия) Халқаро маданиятлараро тадқиқотлар маркази директори Аббос Панаккал XIV асрда яшаган мусулмон, диншунос, ҳуқуқшунос ва саёҳатчи Ибн Баттута меросини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг яратилаётган экспозициясига қўшишни таклиф қилди.
Аббос Панаккал ўзининг "Ибн Баттута зикр этган қадимий шаҳарлар: мерос ва Ўзбекистон шаҳарларининг замонавий ўзгаришлари" лойиҳасини Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейининг "Биринчи Ренессанс" зали экспозициясини яратишга бағишланган форумда Маданий мерос ҳафталиги давомида тақдим этди.
«Ибн Баттута Европадан Хитойгача, шунингдек, Африкага ҳам саёҳат қилган. У Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳудудларида ҳам бўлган. Шу тарзда у бу меросни тўплаб, бир қатор ноёб ашёларни олиб келган. У машҳур олим ва илоҳиётшунос эди. Ўзбекистон замини эса ҳадислар замини, илмий фаолият юритиш замини эди. Шу сабабли у жуда муҳим шахсларни эслаб ўтгани табиийдир. У бу ерга келиб, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилганини айтган. У бу минтақа олимлари ҳақида ҳам сўзлаган ва кўпгина ҳукмдорларнинг меҳмони бўлган», – дея таъкидлайди Панаккал.
Ибн Баттута — XIV асрда ислом ва исломга оид бўлмаган дунёнинг кўплаб мамлакатларига саёҳат қилган мусулмон диншунос, олим, саёҳатчи ва савдогар. У Самарқанд, Урганч ва Бухоро шаҳарларида бўлган. Ўша вақтларда ушбу ҳудудларда ҳукмронлик қилган мўғул ҳукмдорлари томонидан қабул қилинган. Шунингдек, у Чиғатой хони Тармашириннинг қароргоҳига ташриф буюрган.
«Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» Ўзбекистон Маданий мерос ҳафталиги 18 октябрдан 27 октябргача Тошкентда бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олимлар ва экспертлар иштирок этишмоқда. Ҳафталик доирасида конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотлар ўтказилади. Жумладан, «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мегалойиҳаси ва ИЦМ музей залларининг экспозицияларини кучайтиришга, шунингдек, Имом Бухорий инновацион музейига қаратилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтади.
Ислом цивилизацияси маркази — Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган, ислом динини эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб қилиш ғояси доирасидаги лойиҳа.
